ТОШКЕНТ, 10 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда ноябрь ойидаги сабзининг нархини 2021 йил июнь ойи билан таққослаганда 4-5 баробаргача тушган. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг прогнозларига кўра, 2022 йил баҳорида кутиладиган янги ҳосилга қадар сабзининг нархи шу даражада сақланиб қолади.
Маълум қилинишича, 20 июнь ҳолатига кўра, 1 кг сабзининг ўртача чакана нархи 6-10 минг сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда (2021 йил октябр-ноябрь) 2 минг сўмгача тушган. Даланинг ўзидаги ўртача харид нархи эса 1 кг сабзи учун 1-1,5 минг сўм атрофида.
Жорий йил барча тоифа хўжаликларида сабзи жами 124,4 минг гектар (ўтган йилга қараганда, 18,2 минг гектарга кўп) майдонда экилди.
2021 йилда етиштирилган 2 млн тоннадан ортиқ ҳосилдан (ўрим-йиғим ишлари давом этяпти) асосий қисми ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилмоқда.