Тавбасига таянмади: террорчиларга қўшилиш учун қочиб кетган шахс қўшни мамлакатда ушланди

Илгари у “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га қўшилиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи бўлганида 4 йил озодликни чеклаш жазосини олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя – Sputnik. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) халқаро террорчилик ташкилотга алоқадорлиги учун қидирувда бўлган фуқарони хориждан Ўзбекистонга олиб келди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хизмат маълумотларига кўра, 26 ёшли С.С. интернет тармоғи орқали Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси”* террорчилик ташкилоти аъзоларининг таъсирига тушиб қолган.
У ўзининг танишлари билан “Телеграм”да виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик оқимлар ва халқаро терроричилик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг “жиҳод”га чорловчи материалларини унга жойлаган.
Шунингдек, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га қўшилиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи бўлишган.
ДХХ 16 февраль воқеаларига алоқадор террорчини қўлга олди
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилган. 2018 йилнинг июнь ойида С.С. ва унинг жиноий алоқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан сайёр суд мажлиси ўтказган. Унга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўллаган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бироқ С.С ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган. Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида айланма йўллар орқали давлат чегарасини кесиб ўтиб, Марказий Осиё давлатларининг бирига борган вақтида ҳибсга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ қидирувдаги ИШИД* аъзоси Ўзбекистонга олиб келингани хабар қилинган эди.
* Ўзбекистон ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилотлари