ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Абай шаҳридаги Абай конида фожиа рўй берди – метан отилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа юз берган вақтда конда 64 ишчи бўлган, улардан 56 нафари мустақил равишда ташқарига чиқишга муваффақ бўлган. Қолган 8 кончи фойдали қазилма ковлаб олинадиган жойда бўлган.
Sputnik Қозоғистон нашрининг хабар қилишича, ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 2 киши эса жароҳатланган.
Жароҳатланган 2 кончи оғир аҳволда шифохонага етказилган. Кондаги ишлар вақтинча тўхтатилган.
Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин топшириғи билан воқеа жойига фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильин бошчилигидаги комиссия йўл олган. Воқеа сабаблари ва тафсилотларига ойдинлик киритилмоқда.
Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев Қарағанда вилоятида кончиларнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Давлат раҳбари ҳукуматга жабрланган кончиларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш тўғрисида топшириқ берган.