ТОШКЕНТ. 4 ноя - Sputnik. Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқланди. Бу ҳақида 3 ноябрь куни имзоланган 5277-сонли президент қарорида айтиб ўтилган.
Штаб квартираси Бишкекда жойлашган Ўзбек-қирғиз жамғармасининг низом капитали 50 миллион долларни ташкил қилади. Маблағни Ўзбекистон киритади, келгусида жамғарма ҳажмини 200 миллион долларгача ошириш кутилмоқда.
Жамғарма томонидан агросаноат комплекси; тикувчилик ва тўқимачилик саноати; ишлаб чиқариш саноати; кон-металлургия саноати; транспорт; уй-жой қурилиши; савдо; тадбиркорликни ривожлантириш; энергетика комплекси; инфратузилмани ривожлантириш; туризмни ривожлантириш соҳаларида инвестиция киритиш кўзда тутилган.
"Ушбу фонд икки давлат орасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш катализатори, ўсиш нуқтаси бўлади", - деган эди Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков фонд ташкил қилиниш вақтида.
Президент қарори билан ушбу жамғарма учун маъсул этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тайинланган.
Маълумот учун, ушбу жамғармани ташкил этиш ҳақида дастлабки келишувларга 2021 йилнинг 11 мартида, Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи вақтида эришилган эди.
Қирғизистон президенти Ўзбек-қирғиз жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битимни 2021 йил 18 август куни ратификация қилган.