ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш масаласига оид ўтказган йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилади.
Қайд этилишича, бу 1 тонна цементнинг ишлаб чиқариш таннархини 7 фоизга қисқартириш имконини беради. Булар ҳам уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келади.
“Янги уй-жой массивлари нархини бу йилги даражада ушлаб қолиш зарур”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади.
Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилади.
Булар уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келиши кутилмоқда.