ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik, Данара Курманова. "Россотрудничество" Федерал агентлиги МДҲ мамлакатлари абитуриентлари учун қабул кампанияси муддатини узайтирмоқда.
Россия олий таълим муассасаларида бакалавриат, мутахассисилик, магистратура, ординатура ва аспирантура дастурлари бўйича бепул таълим олиш учун ҳужжатларни 25 ноябрга қадар топшириш мумкин.
Илгарироқ, агентлик чет эл фуқаролари учун танлов 1 ноябрга қадар ўтказилишини хабар қилганди. Аммо ўқишга киришни истовчилар учун пандемия даврида юз келаётган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, "Россотрудничество" қабул жараёнини қарийб бир ойга узайтиришга қарор қилди.
Бу ҳақда Sputnik агентлигига "Россотрудничество" раҳбари ўринбосари Павел Шевцов хабар берган.
"Квота олиш учун аризани онлайн тарзда education-in-russia.com сайти орқали топшириш мумкин. Бу, айниқса, ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида давлатларда жорий этилган баъзи чекловлар фонида жуда қулай", - дея тушунтиради Шевцов.
2022/2023 ўқув йилларида квоталар ҳажми 23 минг ўринни ташкил қилмоқда. Агентлик учун МДҲ-давлатлари устуворлик касб этади. Илгарироқ, "Россотрудничество" раҳбари Евгений Примаков ўтган галги қабул натижалари бўйича бўйича топширилган 80 мингта аризаларнинг 30%и айнан яқин хориж давлатларидан келиб тушганини қайд этган эди.
Янги ўқув йилида топширилган аризалар сони ҳозирча аниқмас, чунки қабул ҳамон давом этмоқда. Аммо "Россотрудничество" ҳозирданоқ Россияда ўқишга аризалар сони бўйича етакчилик қилаётган давлатларни ажратиб кўрсатиши мумкин.
"МДҲ давлатлари ҳақида гапирар эканмиз, у ҳолда аризалар сони бўйича биринчи ўринда - Тожикистон, иккинчи ўринда - Туркманистон ва учинчи ўринда - Қозоғистон келмоқда. Тўртинчи ва бешинчи ўринларни эса Беларус ҳамда Ўзбекистон эгаллаган", - дейди Шевцов.
Қабул кампаниясининг оралиқ баҳолашига кўра, энг талабгир йўналишлар учлигидан - даволаш иши, иқтисодиёт ва стоматология ўрин олган.