ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Ўзбекистон Қирғизистонда иккита мактаб бунёд этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Жўқорғи кенеши қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ўзбекистон Боткен вилоятининг Самаркандек қишлоғида ва Лейлек вилоятининг Маргун қишлоғида иккита мактаб бунёд этишни режалаштирмоқда”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, умумтаълим мактаблари 330 ўринли бўлади.
Мактаб биноларини қуриш учун Маргун қишлоғида (0,30 гектар) ва Самаркандек қишлоғида (0,75 гектар) ер майдони ажратилган. Мактаблар қуриб битказилгач, Қирғизистон мулкига ўтказиб берилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Бобур номидаги Ўш драма театрини таъмирлашга ҳисса қўшиши хабар қилинган эди.
Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистонда қурилган 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилган эди.