ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. ХДП ва “Миллий тикланиш” демократик партияларидан президентликка номзод бўлганлар Мақсуда Ворисова ва Алишер Қодиров Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклашди.
Марказий сайлов комиссияси эълон қилган Ўзбекистон президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, ЎзЛиДеПдан номзод сифатида иштирок этган Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1 фоиз овози билан ғолиб чиққан.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг номзоди Мақсуда Ворисова 6,6 фоиз овоз билан 2-ўринни эгаллади.
“Биз буни халқимиз сиёсий иродасининг амалдаги ифодаси деб биламиз ва сайлов натижаларини тўла-тўкис тан оламиз”, - деди Ворисова.
Унинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилиб, эълон қилинган “Янги Ўзбекистон стратегияси” халқнинг қалбидан чуқур ўрин эгаллади.
“Биз ҳам ўз навбатида сайланган президентга халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва юртимиз равнақига қаратилган улуғвор мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишга ва тинимсиз ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз”, - дейилган ХДП номзоди баёнотида.
Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров жами сайловчиларнинг 5,5 фоиз овозини қўлга киришга эришди.
Номзод Алишер Қодиров Шавкат Мирзиёевни ўзи ва партия номидан самимий табриклади.
“Барчамизнинг умумий мақсадимиз бўлган она Ватанимизнинг тараққиёти ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида қўлни-қўлга бериб, биргаликда фаолият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидлади”, - дейилади партия баёнотида.