ТОШКЕНТ, 24 окт – Sputnik. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйича сайловда иштирок этганлар 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Унинг сўзларига кўра, чет элларда овоз берган ватандошлар сони ҳақида эртага, 25 октябрь куни маълумот берилади.
Ўзбекистон Сайлов кодексининг 96-моддасида, сайлов, агар унда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган.
“Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланади”, - деди Низомхўжаев.
МСК раисининг таъкидлашича, сайлов жараёнлари мамлакатнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкаларига ўрнатилган 414 та видеокамералар орқали онлайн транслация қилинди.
Овоз бериш жараёнлари аккредитациядан ўтган 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари томонидан кенг ёритилди.
Сайлов йигирмага яқин халқаро ташкилотдан, элликка яқин давлатдан келган минга яқин халқаро кузатувчилар томонидан бевосита кузатиб борилди.
Сайлов участкаларида сиёсий партияларнинг президентликка номзодларга берилган овозларни санаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда.
Эртага, яъни 25 октябрь куни соат 16:00 да сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.