ТОШКЕНТ, 24 окт – Sputnik. Ўзбекистонда президент сайлови юқори фаоллик, очиқ ва демократик тарзда бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача ҳеч қандай қонун бузилиши қайд этилмаган, маҳаллий кузатувчилардан шикоят келиб тушмаган.
Лебедев кузатувчилар бирор бир ерда ўз ишларида тўсқинликка дуч келишмагани ва сайловлар демократик ўтаётганига шубҳа йўқлигини қўшимча қилди.
“Сайловнинг демократик эканлигига шубҳа йўқ, чунки 5 номзод қатнашмоқда, уларнинг дастурлари яхши. Сайловолди тарғиботида қора пиар ва компромат уруши бўлмади”, - деди Лебедев.
МСК маълумотларига кўра, соат 11:00 га қадар сайловчиларнинг 6 млн 669 минг 552 нафари ёки 33, 6 фоизи овоз берган.
Ўзбекистон Сайлов кодексининг 96 -моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса сайлов ўтган ҳисобланади.