ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “ADM Jizzakh” заводидаги иш жараёнини кўздан кечирди. Унда автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил этилган.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 миллион доллардан зиёд. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда “KIА”, “Renault” вa “Lada” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган.
Президентга лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди.
216 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадр тайёрлаш соҳаларини қамраб олади.
Мирзиёев маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автомобиллар нархини арзонлаштириш, харидорларга танлов имкониятини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.