ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. Туркияда “ҳарбий ва сиёсий жосусликда” айбланиб 4 нафар россиялик ҳамда 1 нафар Украина ва 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда Туркиянинг “Hurriet” газетаси хабар қилмоқда.
Ҳибсга олинганлар Россия фуқаролари Абдулла Абдуллаев, Равшан Аҳмедов, Беслан Расаев ва Аслан Абдулмуслимов, Украина фуқароси Игорь Ефрим, Ўзбекистон фуқароси эса Амир Юсупов экани айтилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, улар чечен мухолифатчиларига қуролли ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўришган.
Бундан ташқари, қўлга олинганлар сиёсий ва ҳарбий жосусликда ҳам айбланишмоқда. Бунинг учун Туркияда 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши белгиланган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг РИА Новостига маълум қилишича, идора мамлакат фуқароси Туркияда сиёсий ва ҳарбий жосуслик айблови билан қўлга олингани ҳақидаги маълумотга эга эмас.