ТОШКЕНТ, 21 окт - Sputnik. Тўққиз йил олдин содир этилган мудҳиш қотиллик фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура.
Аниқланишича, тўққиз йил аввал, 2012 йилда қашқадарёлик Т.Ғ. ўзига тегишли автомашинада уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.
Эркак бошқарувидаги автомашина Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг орқа томонидан топилган ва ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
В Кашкадарье раскрыто убийство девятилетней давности
© Генеральная прокуратура Узбекистана
Бедарак йўқолган эркакнинг автомашинаси кўздан кечирилганда автомашинанинг турли жойларидан жами 14 дона бармоқ, кафт излари олинган.
Мазкур жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида ўта ўғир жиноят фош этилди.
Терговда аниқланишича, М.О., Т.А. ва Д.С. томонидан бедарак йўқолган эркакни қасддан ўлдириб, унинг жасадини Чироқчи тумани "Шўрбозор" маҳалласи ҳудудида жойлашган заҳирадаги дала майдонида кўмиб, автомашинасини эса Самарқанд шаҳрига ташлаб кетишган.
М.О., Т.А. ва Д.С.ларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ излари, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва юзлаштириш тергов ҳаракатлари ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топган.
Ушбу жиноят иши юзасидан 3 нафар шахсларга ЖКнинг 97-моддаси билан айб эълон қилиниб, барчасига "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.