ТОШКЕНТ, 20 окт – Sputnik. Москва метрополитени ўзбек ёки тожик тилларини биладиган ғазначиларни (кассир) ишга таклиф қилмоқда. Тегишли эълон “HeadHunter” иш излаш сайтига жойлаштирилган.
Ғазначиларга таклиф қилинаётган маош 39 минг рублдан бошланади. Даъвогар ўрта маълумотли бўлиши керак. Пул билан ишлаш тажрибаси бўлса янада яхши. Шунингдек, ўзбек ёки тожик тилини билиш талаб қилинади.
Ғазначиларнинг вазифасига чипталар, транспорт карталарини расмийлаштириш ва сотиш киради. Қолаверса, йўловчиларнинг тегишли саволларига жавоб бериш керак.
Иш жойи Моска метросининг Бутовская йўналишидаги “Лесопарковая” бекатида бўлади. Чунки айнан шу бекатдан мигрантлар “Сахарово” миграция марказига боришади.
Аввалроқ Москва метросининг “Лесопарковая” ва "Прокшино" бекатларида ўзбек ва тожик тилларида йўл кўрсаткичлари пайдо бўлган эди.