ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Бугунги кунга келиб ўзбекистонликларнинг газдан қарзи 500 млрд сўмдан ошган. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, истеъмолчилар хонадонларида "Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими"га уланган 2 миллиондан ортиқ "ақлли" ҳисоблагичлар (АСКУЭ) ўрнатиб берилган.
Замонавий электрон газ ҳисоблаш ускунаси ҳали ўрнатилмаган 1,5 миллион истеъмолчи эса сарфланган газ учун эски намунадаги газ ҳисоблагичлар кўрсаткичлари бўйича тўлов қилишни давом эттирмоқда.
Компаниянинг маълум қилишича, айрим истеъмолчилар етказиб берилган табиий газ учун тўловларни вақтида амалга оширмаяпти. Натижада эса истеъмолчилар томонидан катта қарздорлик юзага келмоқда ва қарзга нисбатан вақтида тўлов қилинмаганлиги сабабли пеня ҳисобланмоқда.
“Бугунги кунга келиб 1,2 миллиондан ортиқ истеъмолчининг табиий газ учун 501,6 миллиард сўм миқдордаги дебиторлик қарздорлиги мавжуд”, - дейилган хабарда.
Маълум қилинишича, тез орада бутун мамлакат бўйлаб "ақлли" ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланади. Янги ҳисоблагичлар ишга тушгач, истеъмолчига барибир қарздорлигини қоплашга тўғри келади. Бундан ташқари, асосий қарздорликни бартараф этиш билан бирга унга нисбатан ҳисобланган пеняни ҳам тўлаш талаб қилинади. Акс ҳолда истеъмолчи газ таъминоти тизимидан автоматик равишда узиб қўйилади.
29 Сентябр 2021, 11:17