ТОШКЕНТ, 14 окт - Sputnik. Йил бошидан буён 7 нафар спортчи допинг истеъмол қилгани аниқланди деб хабар қилди АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳумоюн Омонов.
Хабарда айтилишига кўра, 2021 йилнинг 9 ойи давомида барча спорт турлари бўйича спортчилардан 312 та допинг-синамалар олинган ва 4 нафар спортчи тақиқланган модда истеъмол қилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, 3та халқаро мусобақаларда ҳам допинг-синамаларни олиш Агентликка ишониб топширилди. Бунда 41 та спортчиларда текширувдан ўтказилиб, уларнинг 3 нафари тақиқланган модда истеъмол қилганлиги маълум бўлди.
Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари давомида ўзбекистонлик спортчилардан жами 16 та допинг-синама олиниб, улардан 11 таси мусобақадан олдин ва 5 таси мусобақа даврига тўғри келган.
Паралимпия спортчилардан жами 39 та допинг-синама олиниб, улардан 21 таси мусобақадан олдин ва 18 таси мусобақа даврига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, ЎМАА Токио Олимпаиадасидан олдин, 2020 йилнинг апрель ойида спортчиларга допинг истеъмол қилмаслик ҳақида жиддий огоҳлантириш берган эди. Хусусан, агентлик антидопинг лабораторияларнинг замонавий усуллари ёрдамида 3-4, ҳаттоки 7-8 йил аввал истеъмол қилинган допинг-моддалари аниқлаш имкони борлигини ва спортчиларни ўз маҳорати ва кучига ишонишга даъват қилган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги, Умумжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) билан олиб борилган музокаралардан сўнг 2018 йилнинг феврал ойида ташкил қилинган эди.