ТОШКЕНТ, 14 окт - Sputnik. Норвегиянинг Конгсберг шаҳарчасида (Ослодан 80 км) номаълум шахс беш кишини камондан отиб ўлдирди ва бир неча кишини яралади, деб хабар қилмоқда DW.
Полиция тез орада ушбу жиноятда гумонланувчи шахсни қўлга олди. Дастлабки маълумотларга кўра жиноятчи бир ўзи бўлган. Ушбу жиноят теракт бўлгани эҳтимолдан холи эмас.
"Бўлиб ўтган воқеалар занжирини ҳисобга олганда, ушбу жиноят теракт бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Буни текшириб аниқлаш керак. Гумонланувчи ҳозирча сўроқ қилингани йўқ. Унинг мотивлари ҳақида гапириш ҳали эрта", - деди полиция вакили Эйвинд Аас 13 октябрь куни матбуот анжуманида.
Полиция маълумотдига кўра, воқеа 13 октябрь кеч соат 18:15да содир бўлган. Жиноятчи шаҳарнинг бир неча жойида ҳужумлар уюштирган. Соат 18:30да у супермаркетга кириб келган. Орадан 15 дақиқа ўтиб жиноятчи ҳибсга олинган. Унинг ёнидан пичоқ ва бошқа қуроллар ҳам топилган. Жиноятчи Конгсбергда доим яшайдиган 37 ёшли даниялик эркак эканлиги аниқланган.
Воқеа содир бўлган ҳудуд полиция ва махсус бўлинма кучлари билан ҳар томондан қуршаб олинган, бир неча тез ёрдам бригадалари, сапёрлар ва вертолётлар ишлаган. Воқеадан сўнг Норвегия полицияси раҳбари мамлакатдаги барча полиция ходимларига қурол бериш ҳақида буйруқ чиқарган.