ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Ўзбекистоннинг ягона мақсади мамлакатга Афғонистондан ўқ отилмаслигидир. Бу ҳақда ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.
Қаршидаги Президент мактабида бўлиб ўтаётган учрашувда Мирзиёев эрталаб туриб Ўзбекистон-Афғонистон чегараларида нима бўлди, деб сўрашини айтди. Давлат раҳбарига 30-40 дақиқа чегараларидаги вазият ҳақида хабар беришади.
Янги раҳбарлар билан музокара олиб боряпмиз. Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди. Жафокаш афғон халқига қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз. Бизнинг ягона мақсадимиз - Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин.
Мирзиёвнинг сўзларига кўра, у лавозимга келганида Ўзбекистон чегарасининг 57 фоизида муаммолар бўлган. Ҳозирга келиб қўшни мамлакатлар билан музокаралар ёрдамида уларнинг аксарияти ҳал этилган.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарлари билан музокаралар ўтказган эди. Толиблар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигини қатъий билдиришган.