ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Узоқ Шарқ федерал университети ҳамкорлигида "Замонавий Ўзбекистон: мустақилликнинг 30 йили натижалари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
“Дунё” АА хабарига кўра, тадбирда ушбу университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, профессор-ўқитувчилар ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Анжуманда жорий йил 24 октябрь санасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик ишлари, Приморск ўлкасида бўлиб ўтадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёни, президентликка номзодларнинг сайловолди дастурлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистон президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашадиган Россия Федерацияси Фанлар академиясининг Узоқ Шарқдаги бўлинмаси илмий ходими, эксперт И.Зуенко Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига бағишланган махсус тақдимотини ўтказди. Унда Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунингдек, кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Иштирокчилар Приморск ўлкаси ва Сирдарё вилоятлари ўртасида турли соҳалар бўйича ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида олиб борилган учрашувларда эришилган келишувларни қўллаб-қувватлашини ва ўзаро ҳамкорлик йўналишларини янада ривожлантириш кераклилигини билдирди.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ва миллий доираларда кенг тарғиб қилиш, хусусан, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнги ўзгартиришлар, ёшлар фаоллигини оширишга, олий ўқув юртларида ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий-амалий тадқиқотларни тизимли олиб бориш ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Шу билан бирга, Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ишлари жадал ривожланиб бораётгани, ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонда 12 та Россия олий ўқув юртинининг филиаллари очилганига алоҳида тўхталиб ўтилиб, Узоқ Шарқ федерал университети филиалини Сирдарё вилоятида очиш таклифи билдирилди.