ТОШКЕНТ, 1 окт – Sputnik. Янги йилдан Россияга ишлаш мақсадида келган МДҲ давлатлари фуқаролари 1 ой ичида дактилоскопия ва тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий бўлади.
Бу ҳақида Россия ИИВ Миграция бўлими раҳбари Валентина Казакова Известия газетасига берган интервьюсида хабар қилди.
Казакова айтишига қараганда, ушбу ўзгариш кўпроқ ЕОИИ давлатлари фуқароларига тегишлди бўлади, чунки МДҲнинг бошқа давлатлари фуқаролари патент олиш вақти дактилоскопия ва тиббий кўрикдан шундоқ ҳам ўтади ва ушбу маълумотлар ИИВ базасида сақланиб қолади.
Иккинчидан, патент муддатини Россиядан чиқмай туриб узайтириш мумкин бўлади. Олдин патент муддатини фақат бир марта узайтириш мумкин эди, янги йилдан бошлаб эса – чексиз бўлади.
Учинчидан, патент олишда керак бўладиган айрим ҳужатлар, хусусан тиббий маълумотнома (ва рус тили имтиҳони – таҳр.) хорижда топшириш мумкин бўлади. Бундай тартиб дастлаб Ўзбекистонда, тажриба тариқасида йўлга қўйилади.
Ундан ташқари, Казакова Россияда қанча мигрант қолган ва уларнинг қанчаси ноқонунийдеган саволга ҳам жавоб берди.
“Пандемиядан олдин Россияда 10 миллионга яқин хорижий фуқаролар яшаб келган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 7 миллионга яқинлашган. Пандемия вақтида Россия президентининг 274 -сони ва 364-сонли фармонлари туфайли деярли 1 миллион киши ўзининг Россиядаги фаолиятини қонунийлаштиришга муваффақ бўлган. Тахминан 700 мингга яқин хорижий фуқаролар – ҳалигача ноқонуний мақомда қолмоқда”, - деди Миграция бўлими бошлиғи.
Яна бир янгилик - Россияга оиласи билан келаётган хорижий давлат фуқароларининг болалари миграция рўйхатидан ўтиши керак бўлади ва мактабга қатнаши қонунда белгилаб қўйилади.