Сенаторлар қонунни маъқуллади: 30 ёшдан ошганлар ҳам божхонага ишга кириши мумкин

Янги қонунга кўра, 30 ёшдан ошган фуқаролар божхона органларига ишга кириши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Бугун Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Қонун билан божхона хизматидаги айрим жараёнларга янгилик ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қайд этилганидек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг (ФАТФ) тавсиясига асосан нақд валютани чегара пунктлари орқали кириб келишини назорат этиш божхона органлари зиммасига юклатилган.
Ҳарбий хизмат, ички ишлар ва божхона: пенсия таъминотига доир янги қонун
Шу боис, қонун ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш вазифаси билан тўлдирилмоқда.
Шу билан бирга, қонун божхона аудитини амалга ошириш ва ҳужжатларни текшириш, Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида ўттиз ёшдан ошган фуқароларни божхона органларининг ихтисослаштирилган таркибий тузилмаларига хизматга қабул қилиш мумкинлигини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Бундан ташқари, қонунчиликда мавжуд номувофиқликлар ва ноаниқликлар сабабли амалиётда учраётган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш мақсадида бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.