ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини 3-5, 6-11 ва 12-17 ёшдаги болаларда қўллаш хавфсизлиги DSMB (Data Safety Monitoring Board) – Маълумотлар мониторинги бўйича мустақил қўмита томонидан тасдиқланди.
DSMB – мустақил экспертлар гуруҳи бўлиб, улар тадқиқотлар натижаларига кўра тадқиқотда иштирок этганларнинг хавфсизлигини таҳлил қилади ва баҳолайди.
Хитойда айни вақтда 12-17 ёшли бир гуруҳ болалар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3 та дозаси, 6-11 ва 3-5 ёшли болалар гуруҳлари эса вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланганлиги ва болаларнинг саломатлигида ножўя таъсирлар кузатилмагани хабар қилинмоқда. ⠀
Илгарироқ, АОКАда бўлиб ўтган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Атабеков Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ёш болаларда ишлатиш мумкинми, деган саволга жавоб берар экан, ️"вакциналарни қайси аҳоли қатламида ишлатишдан қатъий назар аввал албатта шу ёш қатлами ичида ўтказилган клиник синовлар бўлиши шартлиги" ҳақида гапирган ва "ҳадемай бу борада ҳам янгиликлар пайдо бўлса ажабмас", - дея қўшимча қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ, Ўзбекистонда энди 12 ёшдан катта болаларга ҳам COVID-19га қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланишга рухсат берилгани ҳақида хабар берган эдик.