Қашқадарёда жиноятчилик 70 фоизга ортди, ўқувчилар ўқув йилини китобсиз бошлади

Ҳудудда 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 3 минг 108 та жиноят содир этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга кўп.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳисоботи танқидий муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, вилоятдаги умумтаълим мактаблари учун республика “Transport va logistika xizmati” ДУК томонидан 46 фоиз дарсликлар етказиб берилган, холос.
Ушбу дарсликлар жамланмасининг 24 фоизи тўлиқ бўлмаганлиги боис омборхонада сақланмоқда, бунинг натижасида ўқувчилар ўқув йилини китобсиз бошлаган.
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 93 та умумтаълим мактабини жиҳозлаш белгиланган бўлиб, шундан 36 тасига мебель ва жиҳозлар қисман етказиб берилган, қолган 57 тасига эса умуман етказиб берилмаган.
Қашқадарёда ўқувчиларни полга ўтқазиб дарс ўтган ўқитувчилар жазоланди
10 сентябрга қадар якунланиши белгиланган Қарши туманидаги 26-сонли мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари 29 фоизга бажарилган. 10 октябргача фойдаланишга топширилиши белгиланган Қарши тумани “Ботош” даҳасидаги 4 қаватли янги мактабнинг ҳатто биринчи қаватини қуриш ишлари ҳанузгача якунланмаган.
Сенат хабарига кўра, ҳудудда 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 3 минг 108 та жиноят содир этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ортган. Содир этилган жиноятлардан 1 минг 828 тасининг (шундан 963 таси маҳаллада содир этилган) ёки 58,8 фоизининг олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган.