ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Леонид Анфимов бошчилигида МДҲ сайловларни кузатиш миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари мамлакатга ташриф буюрди.
"29 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди", - деб хабар қилади Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.
МСК раиси Зайниддин Низамходжаев меҳмонларни сайлов кампанияси билан таништириб, сайлов Ўзбекистон Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, айни дамда президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёни бошлангани, сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилганлиги қайд этилди.
Учрашув давомида таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди.
Миссия ўз фаолияти давомида сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма оммавий ахборот воситаларида чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш, номзодларнинг сайлов штабларида учрашувлар ўтказиш билан шуғулланади.
МСК шу кунга қадар 112 нафар халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказди.
Учрашувдан сўнг Л.Анфимов оммавий ахборот воситалари вакилларига Миссия фаолияти юзасидан мурожаат қилди. Ташриф доирасида делегация аъзоларининг бир қатор вазирлик ва идораларда учрашувлари режалаштирилган.