ТОШКЕНТ, 27 сен – Sputnik. 27- сентябрь кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Афғонистон бўйича Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Ташқи ишлар вазирлари навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ва Туркий Кенгаш котибияти Aфғонистон йўналишида биргаликда қўшма ҳаракатлар жиҳатларини, хусусан, кенг вакиллик асосида Aфғонистон ҳукуматини тузиш зарурлиги, инсон ҳуқуқларига, жумладан, аёллар ва миллий озчилик ҳуқуқларига риоя қилинишини муҳокама қилдилар.
Камилов ўз нутқида Aфғонистон масаласига тааллуқли асосий масалалар бўйича мамлакат позициясига тўхталиб ўтди.
“Қайд этилганидек, Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор. Афғонистон замини энди минтақа давлатлари ва умуман халқаро ҳамжамият учун хавф туғдирмаслиги керак”, - дейилган хабарда.
Дунё давлатлари учун устувор вазифа Aфғонистонни иқтисодий тусдаги минтақавий интеграцион жараёнларига янада фаол жалб қилиш, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўлиб қолиши кераклиги таъкидланди.
Бундан ташқари, можародан кейинги Aфғонистон стратегиясини ишлаб чиқиш муҳимлиги, шунингдек, мамлакатга зарур инсонпарварлик ёрдам кўрсатилиши давом этиши алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида Туркий Кенгашга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Aфғонистон бўйича қўшма баёноти қабул қилинди.