БССТ коронавирус келиб чиқиши бўйича суриштирувларни қайта тиклайди

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус келиб чиқишини ўрганадиган мутахассисларнинг янги жамоасини тўпламоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемиясига сабаб бўлган вирус келиб чиқишини ўрганиш ишларини қайтадан тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар бермоқда.
БССТ вакиллари таъкидига кўра, пандемияни юзага келтирган сабабларнинг аниқланишига жуда оз қолган. Хитой ушбу ташаббусига қарши чиқиши мумкинлигига қарамасдан, ташкилот 20 нафар олимдан иборат янги жамоани тўплашни режалаштирмоқда. Улар сафидан лаборатория хавфсизлиги ва биоҳимоя, шунингдек, жониворлар касалликлари бўйича мутахассислар ўрин олиши кутилмоқда.
Уханда олимлар 2018 йилда кўршапалакларга коронавирус юқтирмоқчи бўлишган-ОАВ
Бундан олдинги олимлардан иборат халқаро гуруҳ ХХРда январ ойи ўрталаридан февралгача бўлган эди. Улар Ухан вирусология институтида, жумладан, вирус сизиб кетгани тахмин қилинган BSL-4 лабораторияси, "Хуанань" денгиз маҳсулотлари бозори ҳамда касалликлар назорати ва профилактикаси марказида бўлган эдилар.
Якуний ҳисоботга кўра, SARS-CoV-2, катта эҳтимол билан, инсонга кўршапалакдан бошқа ҳайвонлар орқали ўтган: ўхшаш патогенлар панголинларда ҳам аниқланган.
Бироқ, БССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус вирус манбаси аниқланмагани боис, вируснинг лабораториядан сизиб чиққани айтилган версияни ўрганишни давом эттиришга чақирган.
Кўршапалак, фитна ёки патоген: коронавирус келиб чиқиши ҳақида олимлар фикри
Август ойи охирида америка разведкаси SARS-CoV-2нинг келиб чиқиши тўғрисида Жо Байден учун тайёрлаган ҳисоботдан айрим маълумотларни эълон қилганди. Америка разведкасига кўра, коронавирус биологик қурол сифатида яратилмаган бўлиши мумкин, Хитой ҳукумати ҳам эҳтимол, у ҳақда касаллик авж олмагунча билмаган.
Бироқ, шундай бўлса-да, суриштирув иштирокчилари якуний бир хулосага кела олишмаган.
Ўз навбатида, Пекин, COVID-19 мавзусида очиқ ва масъулиятли позицияни эгаллагани ҳақида кўплаб маротаба таъкидлаган. ХХР Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, пандемия бошланган вақтдан эътиборан Хитой зудлик билан суриштирув ишларини бошлаган ва патогенни аниқлаб, барча муҳим маълумотларни чоп этган.