ТОШКЕНТ, 22 сен – Sputnik. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида яшовчи ҳар бир оилага 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам пули берилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“Орол денгизи фожиаси оқибатларидан ҳаммадан кўп жабр кўрган Мўйноқ тумани халқи ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш президентимизнинг эътиборида”, - дейилади хабарда.
Бир марталик пул ёрдами қишлоқ фуқаролар йиғинлари кесимида сайёр кассалар орқали, “Халқ банки”нинг Мўйноқ туман филиали томонидан, шунингдек, уйларга автомашиналарда бориб тарқатилмоқда.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра Мўйноқ тумани аҳолиси 32,3 минг кишини ташкил этади.