ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Маҳаллаларда, бозорларда фаолият олиб борувчи экология полицияси ходимларига хизмат автомобиллари калити топширилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
18 сентябрь куни Бутунжаҳон тозалик куни доирасида Заҳириддин Бобур номидаги экобоғда экологик назорат гуруҳи учун автомобиллар тақдимоти ўтказилди. Экологик назорат гуруҳлари таркибига шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, пост-патрул хизмати ва Давлат экология қўмитаси ходимлари киради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда экология полициясини ташкил этиш таклифи президент Шавкат Мирзиёев томонидан 24 август куни республикадаги экологик ҳолатни яхшилаш бўйича ўтказилган танқидий руҳдаги видео-селектор йиғилишида ўртага ташланган эди.
Экополициянинг асосий вазифаси сифатида ҳудудий экология органлари билан ҳамкорликда экологик қонун бузилишларга қарши курашиш, рейд тадбирларини ўтказиш назарда тутилмоқда.
ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Sputnik нашрига айни вақтда мамлакатда экополицияни ташкил этиш бўйича фармон лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилган эди.