ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистон ҳозирча Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо бўлишни режалаштирмаяпти, деди КХШТ бош котиби Станислав Зась кенгаш йиғилишида.
“Ўзбекистон ҳозирча КХШТга киришни режалаштирмаяпти ва биз ҳеч кимни ўз сафимизда бўлишга мажбурламаймиз”, – деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир давлат қаерда ва қайси ташкилотда бўлишини танлаш ҳуқуқига эга. КХШТ ҳеч қачон бу давлатларнинг қарорларига таъсир кўрсатмайди.
Ўзбекистон ва КХШТ
1992 йил ўрталарида Ўзбекистон Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда Тошкентда Коллектив хавфсизлик шартномасини имзолади. Шартнома 1994 йил апрелида кучга кирди.
Шартнома 5 йилга мўлжалланган ва уни узайтириш мумкин. 1999 йилда Ўзбекистон ҳужжатни қайта имзоламади.
2006 йил августда Ўзбекистон КХШТда аъзоликни тиклади, аммо 2012 йилда Тошкент Ўзбекистон ташкилотдаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисида нота юборди. Тошкент ўз қарорини икки томонлама ҳамкорлик устуворлиги билан изоҳлади.