Мирзиёев ШҲТнинг 20 йиллик юбилей саммитида иштирок этади

Ташкилот саммити 16-17 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти – Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади
Sputnik
ТОШКЕНТ 16 сен - SPUTNIK. Президент Шавкат Мирзиёев 16-17 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти – Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси тадбирларида иштирок этади.
Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
ШҲТ ва КХШТ Душанбеда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилади - Асадов
Мажлисга ташкилотнинг аъзо давлатлари ҳамда фахрий меҳмони сифатида Туркманистон раҳбари таклиф этилган.
Шунингдек, тадбирда ШҲТ ижроия органлари ва бошқа халқаро институтлар раҳбарлари қатнашади. Иштирокчилар саммитда ШҲТнинг ўтган 20 йилги фаолиятининг асосий якунларини кўриб чиқадилар, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифаларини муҳокама қиладилар.
Саммит якунида Душанбе декларациясининг қабул қилиниши, давлатлар раҳбарларининг қарорлари ва Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир бошқа кўп томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади.
Бундан ташқари, кун тартибидан ҳамкор давлат раҳбарлари билан қатор музокаралар ҳамда Афғонистондаги вазият бўйича “ШҲТ - КХШТ” форматидаги учрашув ўрин олган.