WSJ: афғон учувчилари Ўзбекистондан АҚШ ҳарбий базасига олиб кетилади

Нашр маълумотларига кўра, 585 нафар афғон учувчилари, экипаж аъзолари ва уларнинг яқинлари АҚШнинг Доҳадаги ҳарбий базасига учиб кетади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. АҚШ ва Ўзбекистон афғон учувчилари борасида келишувга эришди. Унга кўра Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари оилалари билан биргаликда Америка ҳарбий базасига кўчирилади. Бу хабарни “The Wall Street Journal” газетаси ўз манбаларига таянган ҳолда тарқатди.
Таъкидланишича, гап “Толибон”* ҳаракати ҳукумат тепасига келгандан кейин ўз яқинлари билан ҳарбий самолёт ва вертолётларда Ўзбекистонга қочган учувчилар ҳақида бормоқда. Толиблар уларни қайтаришга уринишганди, деб ёзади РИА Новости.
Нашр маълумотларига кўра, 585 нафар афғон учувчилари, экипаж аъзолари ва уларнинг яқинлари АҚШнинг Доҳадаги ҳарбий базасига учиб кетади. Бироқ кейин уларнинг Қатардан АҚШга ва ёки бошқа жойга кетиши номаълум.
Ўзбекистонда уриб туширилган афғон ҲҲК самолёти учувчилари реанимациядан чиқарилди
Газетанинг ёзишича, Ўзбекистонда аввалроқ Афғонистондан келган 46 та самолёт ва вертолёт бўлиб турибди. “Толибон”* уларни қайтаришни сўрамоқда. Толиблар вакили Суҳайл Шоҳин аввалроқ учувчиларнинг мамлакатга қайтишлари лозимлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг уларга муҳтожлиги бор.
Эслатиб ўтамиз, бундан илгари ҳудудига бир гуруҳ афғон учувчилари қочган Ўзбекистон ҳукумати АҚШдан уларни “Толибон”* ҳаракати билан “кескин муносабатлардан қочиш” мақсадида тезроқ бошқа учинчи мамлакатга кўчиришни сўраётгани маълум бўлганди.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти