ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Кун кеча ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги мактаблардан бирида дарс пайти жонли эфирга чиқиб, беҳаё сўзларни ишлатган ўқувчи қизлар видеоси тарқалди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати ушбу ўқувчи қизларнинг шахсига аниқлик киритилганини маълум қилди.
Суриштирув ҳаракатлари давомида улар Навоий шаҳридаги 10-сонли мактаб ўқувчи қизлари 2005 йилда туғилган Ж.А., Т.Ж. ва Р.Ж. эканлиги аниқланган. Ҳолат 8 сентябр куни ҳуқуқ фани дарсида тасвирга олинган.
Ҳолат юзасидан ўша мактаб директори, ўқувчиларнинг ота-оналари, шунингдек, Навоий шаҳар ИИБ ХПБ ВЕБ инспектор-психологлари иштирокида муҳокама ташкил қилинди.
Қизларнинг айтишича, бу шунчаки ҳазил тариқасида олинган. Улар қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, узр сўрашган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан йиғилган материаллар қонуний чора кўриш мақсадида Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар комиссиясига юборилган.