Хивада “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” форуми ўтказилади

Анжуман доирасида бир қатор тадбирлар, хусусан, Хивада маданий мерос масалалари бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳат қўмитасининг 1-йиғилиши бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” Халқаро маданият форуми ўтказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Маданият вазирлиги мутасаддилари маълум қилди.
Анжуман доирасида бир қатор тадбирлар, хусусан, Хивада маданий мерос масалалари бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳат қўмитасининг 1-йиғилиши, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё туризм форуми, Тошкентда эса Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V Халқаро конгресси бўлиб ўтади.
Шунингдек, Нукус шаҳрида “Археология ва туризм: салоҳиятни белгилаш ва меросни бошқариш” халқаро археология конференцияси ҳамда II Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш белгиланган.
Форумга тайёргарлик доирасида қадимий Хоразм давлати тарихий экспонатлари сақланаётган Россия ва бошқа давлатлар музей ва фондлари билан алоқа ўрнатиб, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар, осори-атиқалар, маданий бойликларнинг асл ёки кўчирма нусхалари, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар каби манбаларни Ўзбекистон ҳудудига олиб келиш чоралари кўрилмоқда.
Россия илмий-тадқиқот жамоатчилиги билан биргаликда қадимий Хоразм давлати меросини кенг ўрганиш ва тадқиқотлар олиб бориш мақсадида археологик-этнографик экспедиция ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
МДҲ давлатлари зиёлилари ва санъат вакиллари Тошкентда тўпланишади - Маданият вазирлиги
Тадбирларда иштирок этиш учун бугунги кунга қадар ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлардан мутахассислар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, фахрий меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари рўйхатдан ўтказилди.
Форум иштирокчилари учун “Ичан-Қалъа” музей-қўриқхонаси ҳудуди бўйлаб тарихий театрлаштирилган томошалар ташкил этилади.