ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинди.
Қарор билан Душанбе шаҳрида 2021 йил 10 июнь куни Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳукумати ўртасида имзоланган Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Ушбу жамғарма иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргач, унинг қоидалари амалга оширилиши устидан назоратни таъминлайди.