Афғонистон билан чегарада Ўзбекистон ҳарбийлари ўқув йиғинини ўтказмоқда

Мудофаа вазирлиги дала ўқув йиғинини ўтказишдан асосий мақсад тўпланган тажрибаларни янада мукаммаллаштириш эканини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен – Sputnik. Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари билан авиациянинг интенсив учиш ҳудудларида дала ўқув йиғини ўтказилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғин Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони ўринбосарининг тегишли буйруғига асосан ўтказилмоқда. Ҳозирда “Термиз” дала ўқув майдонида ана шундай ўқув-услубий йиғин бошланди.
“Дала ўқув йиғинини ўтказишдан асосий мақсад тўпланган тажрибаларни янада мукаммаллаштириш, жанговар ҳаракатларни ташкиллаштириш ва уларни замонавий шароитларда ҳар томонлама таъминлаш бўйича эгалланган билимларни мустаҳкамлашдан иборатдир”, - дейилган хабарда.
Йиғин иштирокчилари билан саф тайёргарлиги, жисмоний тайёргарлик машғулотларини янгича усулларда олиб бориш бўйича амалий машғулотлар бўлиб ўтди. Саф тайёргарлиги давомида ҳарбий хизматчиларнинг уст-боши, ҳужжатлари, қуроллари кўрикдан ўтказилди.
Ўзбекистонда уриб туширилган афғон ҲҲК самолёти учувчилари реанимациядан чиқарилди