Тошкент “яшил шаҳар”га айлантирилади – қандай вазифалар белгиланди

Ҳукумат қарори билан 2023 йилга қадар шаҳар умумий майдонининг кўкаламзорлаштириш даражаси 30 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен – Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тубдан такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Тошкент шаҳрида қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган ишларнинг кескин ошиши натижасида экологик юкламани пасайтириш зарурати келиб чиқмоқда. Бундан ташқари, шаҳар аҳолисининг маданий ҳордиқ олиши учун яшил зоналарга бўлган эҳтиёжини қондириш тақозо этилаяпти. Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсадлардан бири, бу – Тошкентни “яшил шаҳар”га айлантиришдир.
2023 йилга қадар шаҳар умумий майдонининг кўкаламзорлаштириш даражаси 30 фоизга етказилади. Бу шаҳар ва туман ҳокимликларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. Демак, ана шу муддатгача бўлган 1 йилу 4 ой вақт давомида жуда катта ҳажмда иш бажарилиши лозим.
Лекин вақт тиғиз деган важ билан дарахтларнинг дуч келган навини дуч келган жойга экишга йўл қўйилмайди. Ҳар бир дарахт кўчати ўша ҳудуднинг иқлими ва ер майдонининг хусусиятларини ўрганиш бўйича ўтказиладиган илмий тадқиқотлар асосида танлаб олинади.
Президент Экоқўмита раисини ишдан бўшатди
Қарорга биноан, 2021-2023 йилларда Тошкент шаҳридан ўтадиган каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш бўйича манзилли дастур;
2021-2022 йилларда Тошкент шаҳрида умумий сони 1 500 та сув қудуқларини ташкил этиш бўйича дастур;
2021-2022 йилларда Тошкент шаҳрида пиёда ва велосипед йўлакларини қуриш бўйича дастур;
2021-2022 йилларда Тошкент шаҳри маҳаллаларида “яшил зона”лар ва хиёбонлар ташкил этиш бўйича дастурлар тасдиқланди.
Пойтахт аҳолиси ва меҳмонларни қувонтирадиган янгиликлардан яна бири – Тошкент шаҳрининг камида 60 гектар ер майдонида аттракционлардан холи бўлган жамоат истироҳат боғи ташкил этилади. Бундан ташқари, ҳар бир туманда кичик яшил истироҳат боғлари барпо этилади.
Жамоат истироҳат боғлари 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритади. Уч ой муддатда халқаро мутахассислар, дизайнерлар ва архитекторларни жалб этган ҳолда боғларни барпо этиш концепцияси ишлаб чиқилади.
Қарорда кўзда тутилган кенг кўламли жараёнларга тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўлмоқдалар. Чунончи, Бектемир ва Учтепа туманларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини аутсорсинг асосида тадбиркорларга бериш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказиладиган бўлди. Мазкур туманлар аҳолисига эса эксперимент натижалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириш имкони яратилади.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “1миллион дарахт” деб номланган яна бир ажойиб ташаббусига ҳам розилик берилди. Унга кўра, 2021 йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида пойтахт ҳудудида 1 миллион туп дарахт экилади.
Шу ўринда бир мулоҳаза: узоқ йиллар давомида фалон туп кўчат экилди, фалон туп мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди, деган ҳисоботларга ҳамма кўникиб қолган, аниқроғи биров уларга эътибор ҳам бермайдиган бўлиб қолган эди. Айниқса, бундай ҳисоботлар умумхалқ ҳашарлари чоғида “баралла” янграр эди... Ваҳоланки, ўша ҳисоботларда кўрсатилган кўчатларнинг ўндан бири сақланиб қолганда ҳам, мамлакат шаҳарлари яшиллик кўрсаткичи бўйича тропик ўрмонларни-да ортда қолдириб кетган бўларди.
Жойларда дарахтларни сақлаш бўйича гуруҳлар ташкил этилади
Қарорга биноан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида хўжалик ҳисобидаги “Тошкент сайилгоҳи дирекцияси”нинг ташкил этилгани бу каби муаммоларга чек қўйилишига умид уйғотади. Бу мавзунинг айниқса долзарблигини инобатга олган ҳолда, дирекция зиммасига юклатилган асосий вазифаларни келтириб ўтишни лозим топдик:
Тошкент шаҳрида мавжуд ва янги барпо этиладиган истироҳат боғлари, мавзули хиёбонлар, сайилгоҳлар, яшил майдонлар ва хиёбонларнинг намунали сақланишини таъминлаш, хизмат кўрсатиладиган ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш ва обод қилиш;
Кўкаламзорлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш, дарахтларни, буталарни, гулларни парвариш қилиш ва кўкаламзорлаштирилган майдончаларни таъмирлаш;
Сунъий суғориш тизимлари, насос станциялари, қудуқлар, йўллар ва йўлаклар, кўчаларни ёритиш воситалари ва фаввораларнинг санитария ва техник жиҳатдан зарур ҳолатда бўлишини таъминлаш.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “1миллион дарахт” ташаббусини амалга ошириш 2021 йил куз мавсумидан бошланади. Сентябрнинг дастлабки ҳафтаси ортда қолгани инобатга олинса, акция бошланди, деб ҳисоблаш мумкин. Демак, мақола аввалида айтилганидек, фуқаролар учун пойтахтни “яхшилаш ва яшиллаш” жараёнида қатнашиш имконига ҳам старт берилди.
Дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади