ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Тожикистон лабораториялари томонидан берилган ПЦР-тест натижалари қайд этилган тиббий маълумотномалари Ўзбекистон чегара ўтиш жойларида тан олинмаяпти, деб ёзмоқда Sputnik Тожикистон.
Бу муаммо бир ой давомида кузатилмоқда.
Тожик-ўзбек чегарасидан ўтмоқчи бўлган ва аввал COVID-19га тест топширган фуқаролар такроран тестдан ўтишга мажбур бўлмоқда. Тест нархи 120 минг сўм.
Тожикистонлик Ғафур Жамолов Sputnik Тожикистонга айтишича, Тошкентдан Москвага учиш учун Сўғд вилояти санитария-эпидемиология бошқармаси тиббий лабораториясида 120 сомоний тўлаб, касаллик йўқлиги ҳақида маълумотнома олган.
Бироқ Ўзбекистондаги Ойбек назорат-ўтиш пунктида бу маълумотнома тан олинмади ва у такроран таҳлил топширишга мажбур бўлди.
"Такроран тестдан ўтиш учун 120 минг сўмни тўлашга тўғри келди, бусиз чегарадан ўтиб бўлмади", - дейди Жамолов.
Тошкент аэропорти орқали Россияга боришни режалаштирган тожикистонликлар Ўзбекистон назорат-ўтиш пунктида коронавирусга тестдан ўтиши керак.
Сўғд вилояти санитария-эпидемиология департаменти директори Тахмина Усмонованинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони аввал тиббий ҳужжатларни тан олганди, бироқ бир ойдан бери такроран тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилинмоқда.
"Нима учун улар фуқароларга берилган тестларни тан олмаяпти ва йўловчиларни такроран тест топширишга мажбур қилаётгани бизга ҳозирча номаълум. Чегарадаги бу муаммодан хабардормиз ва бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берганмиз", - дейди Усмонова.