ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Токио-2020 Олимпия ўйинлари совриндорлари “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Тадбир МОҚда бўлиб ўтди. Унда Қўмита раҳбарияти, спортчилар ва уларнинг мураббийлари, спорт фахрийлари ҳам иштирок этишди. Спортчилардан ташқари уларнинг мураббийлари ҳам эсдалик нишонлари билан тақдирланишган.
Токиодаги Олимпия ўйинлари 23 июлдан 8 августга қадар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин ва 2 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 32-ўринни эгаллади. Осиё давлатлари орасида кейин бешинчи, МДҲ мамлакатлари орасида иккинчи, туркий давлатлар орасида ва Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлди.
Олимпиадада боксчи Баҳодир Жалолов, оғир атлетикачи Акбар Жўраев ва тхаэквондочи Улуғбек Рашитов чемпион бўлиб, олин медалга сазовор бўлишди. Эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов ва дзюдочи Давлат Бобонов “бронза”га эга чиқди.