ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Бугун, 2 сентябрь куни, президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Мирзиёев у ерда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.
У истиқлолнинг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимда Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, мамлакат тарихининг энг мураккаб ва оғир даврларида давлатни бошқарганини таъкидлади.
Маросимда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этди.
Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь санаси Хотира куни сифатида белгиланган. Бу кунда жамоатчилик йиғилиб, биринчи президентни ёд этади.