ТОШКЕНТ, 1 сен – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловларига тўхталди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги беш йил мобайнида мамлакат миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Бу галги президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.
Мирзиёев бу сайлов ҳамма учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан бориши, мамлакат келажаги қандай барпо этилиши, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбир эканини таъкидлади.
Сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Шу маънода, бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади ҳамда янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади, деб ишонаман
Шу йил 24 октябрь куни Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу йилги президент сайловида Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулло Обломуродов, "Адолат" социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, "Миллий тикланиш" партиясидан Алишер Қодиров, Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова, ЎзЛиДеП томонидан мамлакатнинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев номзод сифатида иштирок этиши кутилмоқда.