Жиззах шаҳрида Қозон федерал университети филиали очилади

Филиалда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Жиззах шаҳрида Қозон федерал университети филиали ташкил этилди.
Қарорга кўра, Филиалда геология, дастурий инжиниринг, иқтисодиёт, даволаш иши, стоматология, машинасозлик, фармация, тиббий биокимё бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Филиалда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи ва бошқа таълим шаклларида олиб борилади.
Талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бунда, давлат гранти асосида таълим олган Филиал битирувчилари 3 йилдан кам бўлмаган муддат мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистоннинг давлат органлари ва ташкилотларига тақсимланади.
Битирувчиларга Ўзбекистон ва Россияда олий маълумот сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан Университет Ўзбекистон миллий университетининг Жиззах филиали билан ҳамкорликда “Дастурий инжиниринг”, “Фармация” ва “Ахборот тизимлари ва технологиялари” таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашни бошлайди ҳамда мазкур йўналишларда ўқишга қабул қилинган талабалар келгусида ўқишларини Филиалда давом эттиради.
Меҳнат бозорида Россия ОТМлари филиаллари битирувчиларига талаб қанчалик юқори?
2022 йил якунигача Филиал таркибида OpenLab илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этилади.