ТОШКЕНТ, 30 авг – Sputnik. 30 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган германиялик ҳамкасби Хайко Маас билан учрашув ўтказди.
ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди, бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди.
Шунингдек, Афғонистондаги бугунги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Хайко Маас Ўзбекистон томонига Афғонистондан Германия ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг эвакуациясини ташкиллаштиришда кўрсатган ёрдами учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.
“Томонлар Афғонистон йўналишида яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилдилар”, - дейилган хабарда.
Учрашувда икки мамлакатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги юзасидан ҳам фикр алмашилди.