Ўзбекистонда помидордан коронавирусга қарши вакцина яратилди

Лаборатория шароитида етиштирилаётган помидор кўчатлари икки ойдан сўнг ҳосил беради. Ушбу полиз маҳсулотининг истеъмоли коронавирусга қарши эмланганликка тенглаштирилади.
Sputnik
TOSHKENT, 27 avg – Sputnik. Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Геномика ва биоинформатика маркази олимлари помидордан коронавирусга қарши вакцина яратди. Бу ҳақда "Zamon" нашри хабар берди.
Марказ мутахассисининг маълумотларига кўра, лаборатория шароитида етиштирилган помидор истеъмол қилинса, ошқозонда маҳсулот ҳужайралари парчаланади. Шундан сўнг ҳужайраларнинг ичида антиген ҳосил бўлади.
Келгусида ҳомиладор аёллар ва болалар ҳам эмланиши мумкин
Ушбу лойиҳа юзасидан олимларнинг тажрибалари жорий йилнинг январ ойидан буён давом этмоқда. Маълум қилинишича, ушбу тажрибага бодринг ва помидор каби маҳсулотлар танланиши бежизга эмас, чунки уларга термик ишлов берилмайди. Маҳсулотлар юқори ҳароратда пиширилганда, антитаначалар ҳосил қилувчи вакциналар парчаланиб кетади.
Озиқ овқат маҳсулотлари орқали эмлаш тажрибаси ҳозирда Россия ва Канадада сут ва жўхори маҳсулотларида қўлланилмоқда. Ушбу тажрибаларнинг ҳам клиник синовлари якунига етган.
Отабеков тан олинмаётган сертификат, гибрид-вакцинация ва пандемиядаги сайловлар ҳақида
Коронавирус инфекциясига самарали кураш олиб бориш устида илмий изланишлар бу билан чекланаётгани йўқ.
Бир муддат илгари эса Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов шу кунларда Ўзбекистондаги халқаро аллергология маркази Вена университети билан ҳамкорликда катта лойиҳа устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берган эди.
Вазир сўзларига кўра Қорамол коронавирусга қарши вакцина билан эмланса, жонивор сутида иммуноглобин – А пайдо бўлади. Бу сутни пиширмасдан ичилса, инсон организмда вирусга қарши иммунитет ҳосил бўлади ва у коронавирус инфекциясига қарши курашади.