Тўрт киши “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев 4 кишига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берди. Уларга олий нишон — “Олтин юлдуз” медали топширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига асосан 4 кишига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиб, олий нишон — “Олтин юлдуз” медали топширилди. Фармон президент сайтида чоп қилинган.
Олий унвонга сазовор кўрилганлар:
Муҳаммад Аҳмедов — Бухоро вилояти "Маданият Муҳаммад Исмат" фермер хўжалиги раҳбари;
Шавкат Аюпов — Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти директори;
Иброҳим Ғофуров — Ёзувчилар уюшмаси аъзоси;
Муножотхон Йўлчиева — Ўзбекистон давлат консерваторияси кафедра мудири.
Фармонда уларга унвон мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини ошириш, Ватан ободлиги, турмуш фаровонлигини таъминлаш борасидаги катта хизматлари, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги, давлат ва халқ манфаатлари йўлидаги фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун берилгани қайд этилган.