ТОШКЕНТ, 19 авг – Sputnik.Ўзбекистонда вакцинациянинг салбий оқибатларидан ҳимояланишга қаратилган суғурта хизмати йўлга қўйилди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифинг давомида “Ўзагросуғурта” АЖ компанияси ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Қобилов маълум қилди.
“Сўнгги вақтларда коронавирусга қарши вакциналар ҳақидаги турли миш-мишлар аҳоли орасида эмланишдан иккиланишни келтириб чиқармоқда. “UZINSURANCE” компанияси томонидан бозорда биринчилардан бўлиб, вакцина қабул қилган шахснинг меҳнат қобилиятини йўқотиши ёки вафот этиш ҳолатларидан суғурта қилиш маҳсулоти ишлаб чиқилган” – деди у.
Маълум қилинишича, суғурта полиси учун тўлов 5 ва10 минг сўм бўлиб, бунда суғурта жавобгарлиги 25 ва 50 млн сўмни ташкил этади.
Суғурта шартномасини расмийлаштириш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат, вакцина олиш жараёни билан боғлиқ маълумотлар талаб этилади.
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари давом эттирилмоқда. Жами 12,4 миллион дозадан зиёд вакцинадан фойдаланилган. Шу кунгача 1,4 миллиондан зиёд киши ковидга қарши тўлиқ эмланган.