ТОШКЕНТ, 19 авг - Sputnik. Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари ортотопик жигар трансплантацияси операциясини илк бор мустақил равишда амалга оширишди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Бунга қадар ўзбек-рус ва ўзбек-ҳинд қўшма жарроҳлари 8 та ортотопик жигар трансплантациясини ўтказишган.
10 соатдан ортиқ вақт давом этган операцияда Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан келган жигар циррози билан хасталанган бемор — 38 ёшли Азима Розиқовага 42 ёшли акаси Бекмурод Розиқовнинг жигаридан бир бўлак кўчириб ўтказилди.
Ҳозирда беморларнинг аҳволи яхши, донор палатага олинган.
"Бугунги кунда камида йилига 40-50 нафар ўзбекистонликлар жигар трансплантацияси учун хориж давлатларига боришмоқда. Лекин ҳамманинг ҳам бунга имкони йўқ. Шунинг учун илк марта мустақил жигар трансплантациясини амалга оширдик. Аминмиз, икки беморимиз ҳам тўлиқ соғайиб кетади. Яқин кунларда яна битта жигар трансплантацияси амалиётини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бир сўз билан айтганда, бу ҳали бошланиши. Келажакда жигар трансплантациясини кундалик операциялар қаторига қўшиб, ушбу касаллик билан оғриган беморларимиз дардига дармон бўлиш ниятидамиз", - дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистонда жигар трансплантацияси дастурини ривожлантиришнинг янги босқичи Aкадемик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Россиянинг академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий маркази ўртасида меморандум имзоланиши билан бошланган.