ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Ўзбекистон Чегара қўшинлари Афғонистондаги сўнгги воқеалар ортидан қўшни давлат билан чегарани кучайтирилган режимда қўриқламоқда. Барча зарурий хавфсизлик чоралари кўрилган. Бу ҳақда РИА Новости мамлакат ДХХ Чегара қўшинлари вакили сўзларига таянган ҳолда хабар бермоқда.
“Афғонистондаги вазият кескинлаши билан чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги қисми кучайтирилган режимга ўтказилган”, - деган Чегара қўшинлари вакили.
Унинг сўзларига кўра, республика Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва Миллий гвардия бўлинмалари жанговар навбатчиликка ўтказилган.
Агентлик суҳбатдоши Термизда ўзбек-афғон чегарасидаги сўнгги воқеалар муносабати билан тезкор штаб тузилганини эслатган.
Ўзбекистон ТИВ маълумотларига кўра, кеча “Термиз-Ҳайратон” кўприги ҳудудидаги Афғонистон ҳукумат кучларининг тўпланиши кузатилган. 15 август соат 10.00 ҳолатига кўра, Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшаган. Хусусан, кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этган.