ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Ҳужжат билан ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқараётганда қўлларини ишлатмасдан мулоқот қилиш имконини берувчи минигарнитуралар ва бошқа техник қурилмалар орқали телефондан фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, транспорт воситасини бошқараётганда телефондан фойдаланиш ҳуқуқбузарлигини жазо қўлланилгандан сўнг бир йил давомида такроран содир этилгандаги кучайтирилган жавобгарлик чораси бекор қилинмоқда.
Автомобиль салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда.
Ҳайдовчиларга, агарда уларнинг Ўзбекистонда берилган биометрик паспорти ёки ID-картаси ёнида бўлса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, тех. паспортни, суғурта полисини ёнида олиб юрмасдан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилиши кутилмоқда.
Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ДЙҲХХ ходими томонидан электрон тизим орқали транспорт воситаси тўҳтатилган жойда мустақил текширилади. Мазкур янгиликни амалиётга жорий қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига керакли интеграция ишларини 2021 йил 1 декабрга қадар якунлаш вазифаси юклатилмоқда.
Ҳаракат тезлигини ўлчашда, тезликни ўлчайдиган махсус қурилмалар томонидан қайд этилган тезлик кўрсаткичларидан қурилмалар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган соатига 5 километрлик нуқсонни айириб ташлаш бўйича қоида жорий этилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан қуйида танишиш мумкин.