ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш учун 14 та сайлов округлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қайд этилишича, ҳар бир сайлов округидаги сайловчилар сони йиғилиш ўтказилган санагача сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимининг маълумотлари асосида аниқланган.
Сайлов округлари рўйхати, уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашуви кўрсатилган ҳолда МСК томонидан эълон қилинади.
Йиғилишда, шунингдек, ОAВ вакилларини аккредитация қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бугунгача МСКга аккредитациядан ўтказишни сўраб бир қатор оммавий ахборот воситаларидан мурожаатлар келиб тушган. Йиғилишда 500 дан ортиқ ОАВ вакилларига аккредитациядан ўтказиш бўйича тегишли гувоҳномаларни бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Келгусида ОАВдан мурожааатлар бўйича МСК уларнинг аккредитациясини ўрнатилган тартибда амалга оширади.
Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – "Адолат" СДП, "Миллий тикланиш" ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга ва улар ўз номзодларини кўрсатишди. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади.