ТОШКЕНТ, 8 авг - Sputnik. Бухорода Мажбурий ижро бюроси ходими қарздор фуқаро томонидан калтакланди, деб хабар беради "Халқ сўзи" нашри.
Хабарда айтилишича, МИБ Ғиждувон тумани бўлими давлат ижрочиси Я. Ҳолиқов ва У. Эргашевлар қарздор “Trans Atlas” МЧЖдан 28 миллион 409 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги Ғиждувон туман Давлат солиқ инспекциясининг ижро ҳужжати юзасидан 2021 йил 10 мартда чиқарилган қарор билан таништириш, шунингдек қарорга асосан қарздорнинг мол-мулкларини кўздан кечириб, хатлаш ижро ҳаракатларини ўтказиш мақсадида МЧЖ раҳбари С.Аслоновнинг яшаш манзилига боришганида қарздор Я.Ҳолиқовни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят иши судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг ҳукмига кўра С.Аслонов айбдор деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.